Янгиликлар

26 Март 2023

ВАТАНГА ХИЗМАТ – ЭНГ ОЛИЙ САОДАТДИР

Куни кеча Миллий гвардия Фарғона минтақавий ўқув марказида таҳсил олаётган тингловчиларнинг маънавий дунёсини юксалтириш, уларни шукроналик руҳида хизмат олиб боришларига тарғиб этиш, жамоат тартибини сақлашда янада масъулият билан фаолиятни ташкиллаштириш каби муҳим жиҳатларни ўз ичига олган давра суҳбати ташкил этилди.

Сўз олганлар Ватан тинчлигини асраш, ҳимоя қилиш энг шарафли вазифа эканлигини таъкидлашар экан, сарҳадлар ва мол-мулклар ҳимоясини таъминлаб келаётган тинчлик посбонларининг ҳар бир куни учун катта мукофотлар борлигини эътироф этишди.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси, Мусулмонлар идораси ва Маънавият ва маърифат маркази масъул ходимлари иштирок этган мазкур тадбирда “Ватаним менга нима берди деб эмас, мен Ватаним учун нима қилдим" деган тамойил остида яшашлари, дунёнинг ҳозирги таҳликали, сиёсий курашлар майдонига айланиб бораётган замонида барчамиз сергак, ҳушёр ва турли бузғунчи ғоялардан сақланишимиз зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, инсон онгига қаратилган бузғунчи ғоялар таъсиридан ҳимояланиш учун, аввало, инсон китоб мутолаасига алоҳида эътибор қаратиш орқали маънавий иммунитетини мустаҳкамлаб бориши лозимлиги қайд этилди.