Тарих

Тарих

Чоп этиш

        Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш хизмати давлат миқёсида моддий-товар бойликларнинг қўриғини амалга оширувчи ягона ташкилот ҳисобланади.

         Қўриқлаш хизмати фаолиятини 1952 йилнинг 29 октябрида 5 та мотоцикл ва 49 та велосипед билан бошлаган.

Қўриқлаш хизматининг милиция саф бўлинмалари илк бора 1964 йилда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида ташкил этилган.

Қўриқлаш хизмати 1969 йилдан бошлаб катта ва масъулиятли вазифани – техник воситалар орқали фуқаролар хонадонларини қўриқлашни ўз зиммасига олган. Дастлаб марказлаштирилган қўриқлаш пульти қўриғига Тошкент шаҳрида жойлашган 50 та хонадон олинган. Техник қўриқлаш хизмати ўз фаолиятини Тошкент шаҳридаги 33-АТС негизида 200 рақамга мўлжалланган қўлбола пультдан бошлаган.

1970 йилда қўриқлаш хизматига ўзининг хизмат биноларини қуриш ва тубдан таъмирлашга рухсат берилган.  

Фақат мустақиллик йилларига келибгина хизмат ходимларининг ишлаши, ўқиши ва хизмат ўташлари учун шарт-шароитлар яратиш масаласига жиддий эътибор қаратилган.

Мустақиллик даврида қўриқлаш хизматининг ривожланиши ва тараққий этиши бевосита республикамизда мулкчиликка бўлган муносабатнинг ўзгариб бориши билан ҳамоҳанг кечди. Шу билан бир қаторда кейинги йилларда терроризм балосининг жаҳон бўйлаб авж олиши, хусусан Ватанимизда ҳам тинч аҳолига нисбатан бир-неча ёвуз, ғайриинсоний тажовузларнинг амалга оширилиши хизматнинг ўз фаолиятини такомиллаштириб боришга, юзага келган вазиятга мослашишга ундади.

Мустақиллик йилларда хизматда амалга оширилган туб ўзгаришлар, асосан, хизматни бозор иқтисодига мослаштириш, бугунги кун шароитига тўлиқ жавоб беришини таъминлаш ва кўрсатилаётган хизматнинг ишончлилиги ва самарадорлигини оширишга қаратилди.

Қўриқлаш хизматидаги илк ўзгаришлар 1991 йилнинг ноябрь ойида Ички ишлар вазирлиги ҳузурида Республика «Қўриқлаш» бирлашмаси ташкил этилишидан бошланган эди. Бу нафақат қўриқлаш хизматининг таркибий тузилишини ислоҳ қилди, балки ундаги сифат ўзгаришларининг ҳам дебочаси бўлди.

Ўша даврларда хизмат томонидан ҳимояга олинган иншоотларнинг 30 фоизини эркин ёлланган қоровул ва ҳарбийлаштирилган соқчилик қўриғидаги объектлар ташкил этар эди. Шаҳодатланган ходимлардан иборат бўлинмалар томонидан қўриқланган объектлар сони 1991 йилда 435 тани ташкил этган бўлса, ўша йилда қоровул қўриғига фақат янгидан олинган объектлар сони 439 тани ташкил қилган.

Маълумки, қоровул қўриғининг техник таъминоти, ишончлилик даражаси ва самарадорлиги милиция қўриғига нисбатан анча паст. Шундан келиб чиққан ҳолда, хизматнинг таркибий жиҳатдан қайта ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилиб, босқичма-босқич қоровуллик таркибидан воз кечиб, қўриқлашнинг ишончли тури – милиция қўриғи кучайтириб борилди.

Ушбу ўзгаришлар ўз навбатида хизматнинг ишончлилик даражаси ошишига олиб келди.

Қўриқлаш хизматининг милиция саф бўлинмалари илк бора 1964 йилда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида ташкил этилган.

1991 йилдан саф бўлинмалари таркибига маҳкама милицияси ва йўналиш милицияси  лавозимлари киритилди.

Мустақиллик йилларида банк тизими кескин ривожланиб борди. Бир вақтнинг ўзида бу қўриқлаш бўлинмаларига уларнинг ишончли қўриғи ва хавфсизлигини таъминлаш борасида катта масъулият юклади.

Мазкур иншоотларнинг техник мустаҳкамлик ҳолатига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Чунки бугунги кун қўриқлаш ва хавфсизлик тизимини замонавий воситаларсиз тасаввур этиш қийин.

Жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ва кейинги йилларда банк муассасаларига нисбатан содир этилган бир-неча жиноий тажовузларни эътиборга олиб, банкларни хавфсизлик воситалари ва замонавий қўриқлаш тизимлари билан қайта жиҳозлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Кейинги йилларда хизматда, айниқса, ўта муҳим объектларнинг ишончли қўриғи, хавфсизлиги ва мудофаасини таъминлашга жиддий эътибор қаратилди. Ўз навбатида қўриқлаш хизмати ходимларининг касбий, жанговар тайёргарлик ҳолатини, қўриқлаш бўлинмаларининг эса зиммасига юклатилган вазифаларини қай даражада бажараётганини яна бир бор кўрсатиб бериш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, мутасадди вазирлик ва ташкилотларнинг хавфсизлик масалалари бўйича масъул ходимлари иштирокида қўриқланаётган объектларни хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда ҳолатларда қўриқлаш хизмати билан ҳамкорлиги масаласи юзасидан услубий амалий-ўқув семинари ўтказилиб келинмоқда.

2019 йилнинг 1 март кунидан бошлаб қўриқлаш хизмати Ички ишлар вазирлиги тизимидан, Миллий гвардия тизимига ўтказилди. Бугунги кунда Моддий-товар бойликларни қўриқлаш ва ҳимоя қилиш хизматнинг бир-неча турлари орқали амалга оширилади.

         Хусусан:

      -саф бўлинмалари орқали қўриқлаш;

      -ҳарбийлаштирилган бўлинмалари орқали қўриқлаш;

      -қоровуллик бўлинмалари орқали қўриқлаш;

      -техник қўриқлаш воситалари орқали қўриқлашдан иборат

 Қўриқлаш хизматининг асосий вазифалари этиб: шартнома асосида давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкларини қўриқлашни таъминлаш;

қўриқлаш фаолиятига замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий этиш, қўриқлаш воситалари ва тизимларини қўллаш соҳасида ягона техник сиёсатни, улардан фойдаланиш бўйича самарали назоратни таъминлаш белгиланган.

Қўриқлаш хизматига замонавий технологияларни жорий қилиниши қуйидаги қўшимча хизматларни кўрсатиш имкониятини беради:

 - кўп қаватли уйлар хонадонларни қўриқлаш-ёнғиндан огоҳлантирувчи сигнализацияси воситалари орқали қўриқлаш;

 - ташвиш тугмалари орқали қўриқлаш;

 - кириб-чиқиш назорати ва бошқарув қурилмалари билан ишлаш;

- симли телефон алоқаси мавжуд бўлмаган жойларда GSM уяли алоқа каналлари орқали қўриқлашни амалга ошириш.

Хизмат хўжалик ҳисобида фаолият кўрсатиши ва иқтисодиёт билан бевосита алоқадорлиги сабабли мунтазам изланишда. Бу жараён ҳеч қачон тўхтаб қолмаган. Ҳозирда бўлинмаларни қайта жиҳозлаш борасидаги ишлар фаол давом эттирилмоқда.

Бугунги кунда қўриқлаш энг замонавий техника воситалари, жиҳозлар билан қуролланган хизматлардан ҳисобланади. Ҳозирда ушбу йўналишда техник қўриқлаш пультларини тўлиқ компьютерлаштириш, радиотўлқин орқали қўриқлашни жорий этиш борасида қатор изланишлар амалга оширилмоқда.

Қўриқлаш хизмати ходимларининг мамлакатда жиноятчиликка қарши кураш, унинг олдини олиш, хавфсизликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган хизматлари Республика раҳбарияти томонидан ўз вақтида эътироф этилмоқда. Хусусан, ўтган йиллар давомида бир нафар ходим «Меҳнат шуҳрати» ордени, 1 ходим «Шуҳрат» медали, 3 ходим «Содиқ хизматлари учун» медали, 20 ходим эса «Жасорат» медали билан, шулардан 8 нафари ўлимидан сўнг, тақдирланди.

Хизмат хўжалик ҳисобида фаолият кўрсатиши сабабли унинг молия-хўжалик фаолияти алоҳида аҳамиятга эга. Шулардан келиб чиққан ҳолда ўтган йиллар давомида ушбу йўналишида ҳам қатор ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, қўриқлаш бўлинмаларининг бухгалтериялари марказлаштирилди. Бу эса ўз навбатида молиявий фаолият устидан назоратни кучайтириб, маблағларнинг самарали ишлатилишини таъминлади.

Кўрсатилаётган хизмат учун ҳақ олишнинг янги усули – пост-соат тартиби жорий этилди. Унга мувофиқ энди хизмат ҳақи у кўрсатилаётган аниқ вақт ҳисобида олинадиган бўлди.

Аҳолига хизмат кўрсатишни янада такомиллаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатишда уларнинг имкониятлари ва даражаларидан келиб чиққан ҳолда техник қўриқлаш  пунктлари орқали қўриқланадиган объектлар, улардан сақланадиган моддий-товар бойликларга, аҳамиятига қараб гуруҳларга бўлинди. Унга мувофиқ объектлардан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ўрнатилган тарифларнинг 60, 80 ва 100 фоизи миқдорида ҳақ олиниши жорий этилди.

Мустақиллик йилларида қўриқлаш бўлинмаларида шахсий таркибга, уларнинг руҳий маънавий ва ахлоқий ҳолатига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Хусусан, маънавий-руҳий муҳит ва шахсий таркибнинг руҳий ҳолати устидан доимий кузатувни амалга ошириб, таҳлил қилиб бориш мақсадида ички ишлар идораларида биринчилардан бўлиб психология хизмати жорий этилди ва малакали мутахассислар билан жамланди.

Бугунги кунда хизмат психологлари ходимларнинг маънавий-руҳий аҳволини ўрганиш, уларнинг эркин ва ҳар томонлама ривожланиши учун замин яратиш, жамоаларни жипслаштириш, қўриқлаш бўлинмаларида юксак ахлоқий ва етук маънавий муҳитни яратиш борасида фаол тадбирларни амалга оширмоқда.

Кейинги йилларда жорий этилган ўзгаришлардан бири бу – сафдорлар малакасини ошириш ишларининг ташкиллаштирилгани бўлди.

Қўриқлаш бўлинмалари сафдорлар таркибини қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва уларнинг ахлоқий-руҳий сифатларини янада чуқурроқ ўрганиш мақсадида ташкиллаштирилган ушбу ўқув жараёнлари бир ҳафтага мўлжалланган бўлиб, доимий равишда ўтказиб борилади. Бу мақсадда ҳар бир қўриқлаш бошқармасида ўқув кабинетлари ва казармалари ташкиллаштирилди.

Шу пайтгача офицерлар, сержантлар таркибининг малакасини ошириш ўқувлари ташкиллаштирилаётган эди, сафдорлар таркибида бундай имконият мавжуд эмасди. Ўз-ўзидан равшанки, хизматнинг ўзагини сафдорлар ташкил этиб, улар зиммасига энг масъулиятни вазифа юклатилган.

Биринчидан, ҳуқуқий жамият барпо қилар эканмиз, ҳар бир фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқини билади, уларга қонун доирасида муомала қилиш, улар билан ишлашга ҳуқуқ доирасидан чиқиб кетмаслик талаб этилади.

Иккинчидан, бугунги хизмат бундан 29 йил бурунги, фақат жисмоний кучга таяниб қолган  хизмат эмас. У ўта замонавий воситалар билан қуролланган. Бу алоқа, автотранспорт воситаларидан тортиб, хавфсизлик техникалари, сигнализациягача ўз ичига мужассам қилади.

Булар қўриқлаш ходимидан ўз билимини муттасил ошириб боришни, ҳуқуқий ва технология соҳаларида юз бераётган ўзгаришлардан вақтида хабардор бўлиб боришни, уларни ҳаётга татбиқ этишди оқилона ҳаракатни талаб этади.

Кейинги йилларда МДҲ давлатларининг қўриқлаш хизматлари билан узвий ҳамкорлик амалга оширилмоқда. Хусусан, Алмати, Киев, Москва, Минск, Душанбе ва Баку шаҳарларида МДҲ давлатлари қўриқлаш хизмати раҳбарларининг учрашувларида мамлакатимиз қўриқлаш хизмати вакиллари ҳам бевосита иштирок этди.

Булардан ташқари хизмат ташаббуси билан мамлакатимизда илғор, замонавий қўриқлаш техника воситаларини жорий этиш ва ишлаб чиқарилишини рағбатлантириш мақсадида Тошкент шаҳрида икки марта халқаро «Хавфсизлик» семинар-кўргазмаси ташкил этилди.

Йиллар давомида тўпланган тажриба асосида соҳанинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, хизматни янги шароитларда ўзига хос тарзда ташкиллаштириш борасида ҳам изчил изланишлар ва маълум ўзгаришлар қилинди. Бунинг натижасида бир қатор меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди, жорий этилди.

Бир сўз билан айтганда бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бўлинмаларида хизмат кўрсатишнинг энг тараққий этган, иқтисодий жиҳатдан кулай шакллари юзага келди ва ҳаётга жорий этилди; янада тезкор, ҳаракатчан, объект ва хонадонлар қўриғи, хавфсизлиги, мудофаасини таъминлаш борасида ўз олдига қўйилган тезкор вазифаларни тўлиқ бажара оладиган бўлинмалар шакллантирилди; фаолиятга илғор, замонавий сигнализация ва техника воситалари жорий этиб борилмоқда.

Булардан кўзланган мақсад ягона – давлат ва халқ бойлиги, фуқароларнинг мулкларини жиноий тажовузлардан ишончли ҳимоялаш, уларнинг тўлиқ хавфсизлигини таъминлаш.