Янгиликлар

11 Октябрь 2024

Наманган вилояти "Қўриқлаш" бошқармасида мактаб ўқувчилари учун "Очиқ эшиклар куни" ўтказди

Катта ҳаёт остонасида турган ёшлар учун ҳарбий соҳага қизиқишни ошириш ва уларнинг касб танлаш жараёнида тўғри йўл кўрсатиш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда, Наманган шаҳридаги 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари учун Наманган вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси томонидан "Очиқ эшиклар куни" тадбири ташкил этилди.

Тадбирнинг асосий мақсади — ёшларни Ватанни ҳимоя қилишдек шарафли ва масъулиятли касбнинг моҳияти билан яқиндан таништириш ва уларда ҳарбий соҳага бўлган қизиқишни оширишдан иборат. Ўқувчилар "Қўриқлаш" бошқармаси ходимларининг кундалик фаолиятини кузатиб, уларнинг хизмат шароитлари ва ўз касбий кўникмаларини ошириш учун яратилган имкониятлар билан танишдилар.

Тадбир давомида ўқувчиларга мутахассис ходимлар томонидан батафсил маълумотлар берилди ва уларни қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоблар тақдим этилди. Бу каби тадбирлар ёшлар учун ҳарбий соҳани яқиндан ўрганиш ва келажакда касб танлашда муҳим туртки бўлади. "Очиқ эшиклар куни" ёшларни ҳарбий хизматнинг мазмун-моҳиятини тўғри англашларига ва Ватанга хизмат қилишдек шарафли йўлда илҳом олишларига хизмат қилади.