Ғазал мулки султони – Мир Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги кенг нишонланмоқда
Ўзбек адабиёти ва маънавиятининг йирик намояндалари буюк мутафаккир ва шоир Мир Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан Хоразм вилоятида катта маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбир Урганч шаҳридаги Вилоят ахборот-кутубхона марказида бўлиб ўтди. Миллий гвардия вилоят бошқармаси ҳамда "Қўриқлаш" бошқармаси ходимлари иштирокида “Навоий – қалбларда мангу барҳаёт” шиори остида ўтказилган мазкур тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, Ёшлар иттифоқи аъзолари ҳамда УрДУ академик лицейи ўқувчилари иштирок этишди.
Тадбирда сўз олганлар Мир Алишер Навоийнинг бой маънавий мероси, унинг ўзбек ва жаҳон адабиётига қўшган улкан ҳиссаси, инсонпарварлик ғоялари ва ғазалларидаги юксак маънолар ҳақида фикр юритдилар. Шунингдек, ёшлар учун Навоий ижодини чуқур ўрганишнинг аҳамияти таъкидланиб, улуғ шоир ғояларини бугунги кунда ҳам тарғиб этиш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, тадбир давомида иштирокчиларга Навоий ва Бобур асарларидан ғазаллар ўқиб эшиттирилди, ижодий чиқишлар ҳамда китоб кўргазмалари ташкил этилди. Тадбир самимий ва илиқ муҳитда ўтди, ёшларнинг буюк сиймоларга бўлган ҳурмати ва қизиқишини оширишга хизмат қилди. Ўтказилган тадбир давомида фаол иштирок этган ёшлар диплом ва китоблар билан тақдирландилар.
Бундан ташқари, Фарғона вилоят ахборот-кутубхона марказида “Нуронийлар” жамғармаси Фарғона шаҳар бўлими ҳамда Фарғона вилояти Миллий гвардия "Қўриқлаш" бошқармаси ҳамкорлигида Алишер Навоий таваллуд кунига бағишланган “Назм ва наво” мусиқали шеърият кечаси бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги вакиллари, вилоят ташкилот ва бошқармаларида узоқ йиллар ишлаган меҳнат фахрийлари, Фарғона давлат мусиқали драма театри актёрлари, Фарғона ихтисослаштирилган мақом мактаб интернати ўқитувчи ва ўқувчилари, Фарғона вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари ва кутубхона фаол китобхонлари иштирок этдилар.
Фарғона давлат мусиқали драма театри актёрлари томонидан тақдим этилган саҳна кўринишлари, ёш хушовоз санъаткорлар томонидан Алишер Навоий ғазалларига басталанган куй-қўшиқлари тадбир иштирокчиларига бирдек манзур бўлди.