“Қон топшир – ҳаёт инъом эт!” лойиҳаси доирасида “Мен донорман” хайрия акциялари ўтказиб келинмоқда
Республикада қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш мақсадида корхона, ташкилот ва муассасаларда “Қон топшир – ҳаёт инъом эт!” лойиҳаси доирасида “Мен донорман” хайрия акцияси ўтказилиб келинмоқда. Навбатдаги акция Самарқанд шаҳар Қўриқлаш бўлимида ўтказилди.
Қўриқлаш бўлимига ташриф буюрган вилоят Қон қуйиш станцияси мутахассислари ходимларга қон топшириш жараёни қандай кечиши, донорга қўйиладиган талаблар ва уларнинг ҳуқуқлари, жараёнда санитария-гигиена қоидаларига амал қилиниши тўғрисида тушунчалар беришди. Қон топшириши инсон саломатлиги учун нечоғлик фойдали эканлиги, қолаверса, топширилган қон даволаниши қийин бўлган онкогематологик ва талассемия каби касалликларга чалинган беморлар ҳаётини сақлаб қолишда муҳим ўрин тутиши хусусида ҳам тўхтаб ўтди.
Шундан сўнг, Самарқанд шаҳар Қўриқлаш бўлимида хизмат вазифасини ўтаётган кўнгилли ходимлар ўз ихтиёри билан “Мен донорман” акциясида иштирок этиб, беғараз қон топширишди. Тадбир давомида вилоят Қон қуйиш станцияси мутахассислари “Мен донорман” акциясида фаол иштирок этиб, беғараз донорликни ривожлантиришга амалий ёрдам кўрсатиб келаётган бир гуруҳ ходимларга ташаккурнома ва эсдалик совғаларини топширди.