Криминоген вазияти оғир маҳаллаларда тарғиботлар олиб борилмоқда
Ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва жиноятчиликка қарши курашиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти ходимлари томонидан мунтазам профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги криминоген вазияти оғир Ўзбекистон маҳалласида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида бириктирилган масъуллар томонидан белгиланган йўл харитаси асосида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, маҳаллани жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ҳамда вояга етмаганларни назорат қилиш мақсадида Вилоят Ички ишлар бошқармаси, Қўриқлаш бошқармаси ходимлари ҳамда "маҳалла еттилиги" томонидан профилактик тарғиботлар ўтказиляпти. Фуқароларга содир этилаётган ҳолатлар етказилиб, хонадони ва объекти дахлсизлигини таъминлашда қўриқлаш хизматининг имкониятларидан самарали фойдаланиш тавсия этилмоқда.
Туманнинг Шарқ гули маҳалласи ҳам "қизил" тоифага киритилган ҳудудлардан бири. Маҳаллада криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятни жиловлаш, ҳушёрликни ошириш мутасадди ташкилотлар вакилларининг устувор вазифаларидан ҳисобланади. Мазкур йўналишда Қўриқлаш бошқармаси ходимлари аҳоли гавжум жойларда учрашувлар ташкил этиб, ўрнатиладиган қўриқлаш ва ёнғиндан огоҳлантирувчи сигнализация воситалари, уларнинг ишлар тартиби ҳақида тушунчалар бердилар. Жамоат тартибини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар, шунингдек, ўғирлик жиноятини олдини олишда хонадон ва савдо дўконларида қўриқлаш жиҳозларини ўрнатиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. Тадбирлар давомида кўчаларда, кўп қаватли уйларнинг кириш қисмига "ташвиш" тугмалари, кузатув камералари ўрнатилди. Фуқаролар хонадонлари ва савдо дўконлари қўриқловга олиниб, ҳудудлар назоратга олинди. Тарғиботлар маҳаллалар кесимида давом этмоқда.