Маҳаллаларда тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорининг ижросини таъминлаш борасида республикамизнинг барча ҳудудларида манзилли ишларни олиб борилмоқда.
Хусусан, куни кеча Миллий гвардия Сирдарё, Фарғона ва Сурхондарё вилоятлари "Қўриқлаш" бошқармалари масъул ходимлари томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулклари ҳамда аҳоли хонадонларини хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш бўйича ишларни самарали ташкил этиш мақсадида тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилди.
Тадбирлар давомида маҳалла фаоллари билан учрашиб, Қўриқлаш патруллик хизматидан фойдаланиш, замонавий видеокузатув тизимларини ўрнатиш, масофавий қўриқлаш хизматларидан фойдаланиш, сигнализация тизимларини жорий этиш орқали нафақат жиноятчиликнинг олдини олиш, балки мулк муҳофазасини кучайтириш мумкинлиги таъкидланди. Тадбиркорларга қўриқлаш хизматлари орқали уларнинг савдо ва ишлаб чиқариш объектларини юқори даражада муҳофаза қилиш бўйича аниқ тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, масъуллар ўтган давр мобайнида ҳудудларда содир этилган ўғирлик жинояти билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида тўхталиб, олдини олиш чораларини кўриш, ҳушёрликни оширишда "Қўриқлаш" хизматининг мавжуд имкониятларидан фойдаланиш хавфсизлик ва хотиржамликнинг кафолати эканлиги тушунтирилди.
Тарғиботлар давомида қўриқлаш хизматидан фойдаланиш истагини билдирган фуқаролардан тегишли ҳужжатлар расмийлаштириб, қўриқловга олиш чоралари кўрилди. Хавфсиз ҳудуд ва мулкий турдаги жиноятлар профилактикаси доирасидаги тарғиботлар маҳаллалар кесимида давом этмоқда.