Янгиликлар

4 Июнь 2025

Хоразм вилоятида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ОИТС/ОИВ каби юқумли касалликлардан сақланиш масалаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди

Хоразм вилояти "Қўриқлаш" бошқармасида ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ОИТС ва ОИВ инфекцияларидан сақланиш бўйича профилактик тадбирларни янада кучайтириш мақсадида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази бошлиғи ўринбосари, олий тоифали шифокор О.Очилов иштирок этиб, бугунги кунда жамиятда соғлом ҳаёт тарзини шакллантириш, юқумли касалликларнинг олдини олиш ва аҳоли ўртасида тиббий маданиятни ошириш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида батафсил ахборот берди.

Давра суҳбати доирасида соҳа ходимларига ОИТС/ОИВ каби хавфли инфекциялар ҳақида амалий тавсиялар тақдим этилди ҳамда мазкур касалликка чалинган шахсларнинг ҳаёт йўлига бағишланган таъсирли видеороликлар намойиш этилди. Бу эса тадбир иштирокчиларининг ушбу муаммога нисбатан онгли муносабатини шакллантиришга хизмат қилди.

Ушбу тадбир соҳа ходимлари ўртасида тиббий билим ва профилактик кўникмаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, соғлом турмуш тарзига амал қилиш маданиятини янада кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этди.