Пойтахтимиздаги мактабларда ўтказилган рейд тадбирлари давомида айрим ўқувчи ёшлардан ўткир тиғли буюмлар олиб қўйилди
Чилонзор туманидаги 195-мактабнинг саккизинчи синф ва 178-мактабнинг 11-синф ўқувчилари ёнида "бабочка" номли йиғма пичоқлар олиб юрганлиги аниқланди. Сергели туманидаги 267-мактабнинг 9-синф ўқувчисидан эса "ручка" кўринишидаги пичоқ олиб қўйилди.
Мазкур мактабларга янги тайинланган Миллий гвардия инспектор-психологлари ўқувчиларнинг ота-оналари билан мактаб маъмурияти иштирокида профилактик суҳбатлар олиб боришди. Ота-оналарга болаларнинг пичоқ олиб юриши уларнинг муаммоларга дуч келаётганлигидан дарак беришини ва бу уларга хаёлий ҳимоя беришини эслатди. Шунинг учун ота-оналар фарзандларининг хатти-ҳаракатига кўпроқ эътибор бериши, улар билан мактаб ва синфдаги вазият ҳақида суҳбатлашиши, таълим муассасасидаги, маҳалладаги тенгдошлари билан муносабатлари тўғрисида билиши кераклиги уқтириб ўтилди.
Шу ўринда “бабочка” номли йиғма пичоқнинг келиб чиқишининг бир неча хил тарихи борлигини билармидингиз? Биринчиси – мазкур пичоқни арқонларни, бўронда елканларни бир қўл билан қулай кесиш учун филиппинлик денгизчилар ўйлаб топишган. Иккинчиси – “бабочка” пичоғининг криминал ўтмиши мавжуд бўлиб, уни кўча безори тўдалар ҳамда жиноий жамият аъзолари ўйлаб топишган.
Агар фарзандингиз денгизчи ёки кўча қароқчиси бўлмаса пичоқ унга нима учун керак?
“Ручка” пичоғи ҳақида ҳам ўсмирлар ва ота-оналарга худди шу саволни бермоқчимиз: нега хавфли бўлган буюмни ўқувчи ўзи билан олиб юриши керак? Тўғри, бундай пичоқ иш юритиш буюмларига киради ва деярли ҳар қандай савдо нуқтасида, шу жумладан интернет сайтларида сотилади. Лекин нега бу мактаб сумкасида? Ахир, ўқувчи синфда қоғозни пичоқ билан кесмайди-ку.
Азиз ота-оналар, болаларингизга диққатли бўлинг, фарзандингиз машғулотлари билан қизиқинг, у билан кўпроқ гаплашинг, ишончли муносабатлар ўрнатинг. Ахир, бу сизнинг зурриётингиз, сиз у ҳақида орзу қилгансиз ва албатта уни яхши инсон қилиб тарбиялашни хоҳлайсиз. Унга бахтли келажак тилайсиз.