Қўриқлаш хизмати ходимлари ўртасида шукроналик ва дахлдорлик ҳиссини ошириш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш масалалари юзасидан учрашув ташкил этилди
Термиз шаҳрида Қўриқлаш хизмати ходимлари иштирокида хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этишга бағишланган навбатдаги учрашув бўлиб ўтди. Унда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари подполковник Завқиддин Хўжанов, ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи подполковник Содиқжон Сафаров ҳамда ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати бошлиғи подполковник Алибек Чориевлар томонидан, ходимларнинг касбий масъулиятини ошириш, хизматга бўлган муносабатини ўзгартириш, шунингдек, шукроналик ва дахлдорлик ҳисси билан яшаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилиш давомида таъкидланганидек, хизмат интизомига қатъий риоя қилиш ҳар бир қўриқлаш ходимининг асосий бурчи ҳисобланади. Интизом нафақат хизмат самарадорлигини оширади, балки жамоада ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлайди. Шу боис, ҳар бир ходим ўз вазифасига дахлдорлик ҳисси билан ёндашиб, юклатилган масъулиятни тўлиқ англаши лозим.
Шукроналик ҳисси билан яшаш, яъни мавжуд имкониятлар, яратилган шарт-шароитлар ва билдирилаётган ишончни қадрлаш муҳим экани қайд этилди. Бу эса ходимларнинг маънавий-руҳий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатиб, хизмат фаолиятида фаолликни оширади.
Мулоқот давомида хизмат интизомини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар, уларнинг оқибатлари ва олдини олиш чоралари юзасидан ҳам фикр алмашилди. Коррупция ҳолатларига қарши курашиш, унинг олдини олиш ҳар бир ходим учун бирдек тегишли бўлган вазифа, масъулият ҳисобланиши айтиб ўтилди.
Учрашув якунида ходимлар билан мунтазам равишда профилактик тарбиявий суҳбатлар олиб бориш, муаммо ва таклифларини ўрганиш, ҳуқуқий билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган ўқув машғулотларини ташкил этиш юзасидан қўриқлаш хизмати масъул офицерларига тегишли вазифа ва тавсиялар берилди.