Янгиликлар

21 Февраль 2026

Тошкент шаҳри Чилонзор туманида хавфсиз муҳитни яратиш бўйича “Пойтахт намунаси” лойиҳаси амалда

Бугунги кунда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитларни яратиш давлатимизнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган “Пойтахт намунаси” лойиҳаси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида туман аҳолиси ўртасида замонавий қўриқлаш воситаларининг аҳамиятини тушунтириш, улардан самарали фойдаланиш бўйича тарғибот-профилактик тадбирлари тизимли равишда ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирлар орқали фуқароларнинг хавфсизликка бўлган онги оширилиб, турли нохуш ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган амалий кўникмалар шакллантирилмоқда.

Шунингдек, Чилонзор туманидаги кўп қаватли уйлар йўлакларига ташвиш тугмаларини ўрнатиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Мазкур тугмалар орқали фавқулодда ҳолатларда тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ ходимларини зудлик билан чақириш имкони яратилиб, ҳуқуқбузарликлар ҳамда жиноятларнинг барвақт олдини олишга қаратилган. Бундан ташқари, фуқаролар хонадонига мобил ташвиш тугмалари ўрнатилиб, аҳолининг шахсий хавфсизлиги янада мустаҳкамланмоқда.

Амалга оширилаётган ушбу чора-тадбирлар пойтахтда хавфсиз муҳитни яратиш, жамоат тартибини сақлаш, аҳолини мулкий тажовузлардан ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда. “Пойтахт намунаси” лойиҳаси доирасидаги ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилиб, Тошкент шаҳрини янада хавфсиз ва барқарор мегаполисга айлантиришга қаратилган.