Ўзбек тили — миллий ғуруримиз!
21 октябрь — ўзбек халқи учун улуғ ва тарихий саналардан бири. Ана шу кунда, яъни 1989 йилда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Бу сана миллий ўзлик, тил ва маданиятимизнинг юксак қадр-қимматини яна бир бор англатади. Шу муносабат билан Қўриқлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмаларида маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди.
Тадбирларда барча бўлинмаларнинг шахсий таркиблари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба ва ўқувчилар иштирок этиб, давлат тилининг ривожланиш босқичлари, ўзбек тилининг бой луғат захираси ва унинг илмий ҳамда маданий аҳамияти ҳақида маърузалар билан чиқиш қилдилар. Давра суҳбатларида давлат тилининг жамият ҳаётидаги ўрни, ёш авлод қалбида она тилига ҳурмат ва ифтихор туйғусини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, ўзбек тилининг мустақилликни мустаҳкамлашдаги роли, унинг ижтимоий ҳаётдаги аҳамияти ҳамда тилни асраб-авайлаш ва ривожлантириш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи экани ҳақида фикрлар билдирилди. Учрашувлар якунида иштирокчилар она тилига бўлган муҳаббат ва садоқатни амалий фаолиятда ҳам намоён этиш, ёшлар ўртасида давлат тилини ардоқлаш бўйича тарғибот ишларини кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.