ТЕРМИЗДА СПОРТНИНГ КАМОНДАН ОТИШ ТУРИ БЎЙИЧА ЁШЛАР ЎРТАСИДА МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ КУБОГИ УЧУН МУСОБАҚА БЎЛИБ ЎТДИ
Президентимизнинг 2021 йилнинг 17 июнь кунидаги “Камондан отиш спорт турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси доирасида, Сурхондарё вилоятида буюк аждодларимиздан мерос бўлиб қолган мазкур спорт турини кенг тарғиб этиш, ёшларнинг қизиқишини ошириш борасида қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бу борада Миллий гвардия Сурхондарё вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси ҳамда Камондан отиш федерацияси томонидан ишлар тизимли ташкил этилмоқда. Мунтазам равишда жойларда камондан отиш борасида маҳорат дарслари ҳамда турли мусобақалар уюштирилмоқда.
Куни кеча Термиз шаҳридаги "Амударё" болалар соғломлаштириш оромгоҳида вилоят ҳудудидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи Миллий гвардияга бириктирилган "қизил" тоифага киритилган ёшлар ҳамда ҳаваскорлар ўртасида Миллий гвардия кубоги мусобақаси бўлиб ўтди. Вилоят "Қўриқлаш" бошқармаси томонидан ташкил этилган мусобақада 100 нафардан ортиқ шаҳар ва туманлардан ташриф буюрган ўғил-қизлар иштирок этиб, яккалик ва жамоавий баҳсларда ўз мерганлик маҳоратларини намоён қилдилар. Ушбу қизғин ва муросасиз беллашувлар малакали мураббийлар томонидан одилона баҳолаб борилди.
Умумий натижаларга кўра, ўғил болалар ўртасида яккалик баҳсларида фахрли 1 ўринни Илёс Холмирзаев (Сариосиё тумани), 2 ўринни Шахбоз Бобоназаров (Олтинсой тумани) ҳамда 3 ўринни Нажмиддин Комилов (Термиз тумани) эгалладилар. Қизлар ўртасида эса, 1 ўрин Зебо Қувондиқова (Сариосиё тумани), 2 ўрин Нигина Хидирова (Термиз тумани) ҳамда 3 ўрин Чарос Абдуғаниевага (Термиз тумани) насиб этди.
Жамоавий ўйинларда, ўғил болалар баҳсларида фахрли 1 ўринни Сариосиё тумани жамоаси, 2 ўринни Қумқўрғон тумани жамоаси, 3 ўринни эса Шеробод тумани вакиллари қўлга киритдилар. Қизлар ўртасидаги ўйинда 1 ўрин Сариосиё тумани жамоасига, 2 ўринни Термиз тумани ва 3 ўрин Музработ тумани жамоаларига муносиб кўрилди.
Барча ғолиб бўлган иштирокчиларга Миллий гвардия "Қўриқлаш" бошқармасининг диплом, медаль, мусобақа кубоги ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди. Шунингдек, ушбу тадбирни ўтказишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган мураббийлар ва бир гуруҳ ёшлар ҳам эътироф этилиб, ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари туҳфа этилди.