Ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш – диққат марказида
Бугунги кунда инсон капитали, айниқса, меҳнат жамоаларини ташкил этувчи ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини таъминлаш, уларга муносиб шароит яратиш, нафақат иш жойида, балки шахсий ҳаётидаги муаммоларини ҳал этишда кўмаклашиш муҳим вазифалардан бирига айланган.
Шу мақсадда Қўриқлаш Департаментининг ҳудудий бўлинмаларида фаолият олиб бораётган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларини ўрганиш ва ечим топиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳар бир ходимнинг яшаш шароити, соғлиги, оилавий аҳволи, фарзандларининг таълим олиш ҳолати ва бошқа омиллар бўйича мунтазам мониторинг олиб борилмоқда.
Аниқланган муаммоларга қараб, тегишли ёрдам чоралари кўрилмоқда. Жумладан, моддий қўллаб-қувватлаш, тиббий ёрдам кўрсатиш, болалар учун таълим ва дам олиш тадбирларини ташкил қилиш, психологик маслаҳатлар бериш каби ишларни қамраб олган махсус дастурлар амалиётга жорий қилинган.
Бундан ташқари, масъуллар томонидан тизимда фидокорона меҳнат қилиб, ўз хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларининг ҳолидан хабар олиниб, Ватанимиз тинчлиги ва фаровонлиги йўлида хизмат қилган ходимларнинг фарзандларига, ота-оналарига жуда катта миннатдорчилик билдирилмоқда.
Шу билан бирга янги ўқув йили бошланиши муносабати билан тизимда хизмат қилаётган ва хизмат бурчини бажариш чоғида вафот этган бир гуруҳ ходимларнинг фарзандларига мактаб ўқув қуроллари топширилди.