Янгиликлар

17 Декабрь 2025

Қўриқлаш хизмати ходимлари инсон ҳаёти йўлида қон топширишди

Ҳар куни дунё бўйича юз минглаб одам донор қонига эҳтиёж сезади. Айниқса, онкологик, гематологик касалликларга чалинган инсонлар, бахтсиз ҳодиса туфайли оғир тан жароҳати олган ва мураккаб операцияларга муҳтож беморлар ҳаётини сақлаб қолишда қон муҳим восита саналади. Сурхондарё вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходимлари ҳам доимий равишда қон топшириб, донорлик ҳаракатига фаол бўлиб келмоқдалар. Ушбу эзгу ташаббус ходимларнинг нафақат хизмат бурчини сидқидилдан адо этишини, балки жамият олдидаги инсоний масъулиятини ҳам яққол намоён этмоқда.

Куни кеча соҳа ходимлари беғараз донорлик қилиш истагини билдирган ҳолда, вилоят қон қуйиш марказига ташриф буюрдилар. Қон топшириш жараёнида ҳар бир иштирокчи текширувдан ўтказилиб, саломатлиги алоҳида назоратга олинди. Айтиш жоизки, соғлом киши учун қон топшириш, албатта, хавфсиз, шу билан бирга, фойдалидир. Беғараз донорлик кимнингдир саломатлиги, унинг ҳаёти учун ҳадя этиладиган бебаҳо неъмат. Тиббиётда турли хил касалликлар, шунингдек, фавқулодда жароҳат олган инсонлар, айниқса, жажжи болажонлар кўп қон йўқотиши натижасида уларнинг ҳаёти қил устида бўлиб қолади. Бундай беморлар албатта, донорларнинг беминнат ёрдамларига ҳам таянадилар. Ўтказилиб келинаётган "беғараз қон топшириш" акциялари инсонпарварликни намоён қилиб, беморлар учун кўмак кўрсатиш, муҳим ҳаётий аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади.
Инсонларнинг саломатлигини тиклаш йўлидаги бу ташаббус орқали Қўриқлаш хизмати ходимлари ҳам, кўплаб беморлар учун зарур бўлган ҳаёт томчиларининг йиғилишига сидқидилдан ўз ҳиссаларини қўшишди.