Янгиликлар

12 Февраль 2025

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига саёҳат

Миллий гвардия Тошкент вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси ходимларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов номидаги илмий маърифий ёдгорликлар мажмуасига саёҳат уюштирилди.
Мажмуа марказида ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкали халқининг фидойи раҳбарига бўлган ҳурмат ва эҳтиром рамзи сифатида қад ростлаган, дейиш мумкин. Ҳайкал бронзадан ясалган бўлиб, у биринчи президентнинг ишонч ва қатъият билан олдинга қараб турган ҳолатида тасвирланган. Шундан сўнг ходимлар мажмуада жойлашган галереяда ҳам бўлишиб, Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолиятига оид ҳужжатлар, суратлар ва тарихий экспонатлар билан яқиндан танишишди. Экспозицияларда унинг ешлик йиллари, таълим олган даври, сиёсий фаолиятининг илк босқичлари ҳамда Ўзбекистоннинг мустақиллик йўлидаги фаолияти акс эттирилган. Айниқса, 1991 йилда қабул қилинган тарихий қарорлар ва Ўзбекистоннинг биринчи Президенти сифатида Ислом Каримовнинг бажарган ислоҳотлари ҳақидаги материаллар ходимларда катта таассурот қолдирди.
Мазкур саёҳат давомида Миллий Гвардия ходимлари Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини таъминлаш йўлидаги улкан хизматлари ва тарихий фаолияти билан чуқурроқ танишдилар. Бир сўз билан айтганда, мазкур ташриф ходимларнинг нафақат Ўзбекистон мустақиллиги тарихини, балки Ислом Каримовнинг давлат қурилишига қўшган ҳиссасини янада чуқурроқ англашга сабаб бўлди. Мустақиллик неъматини англаш ва ватанга садоқат билан хизмат қилиш муҳимлигини яна бир бор эслатди. Шу жиҳати билан ҳам ушбу ташриф тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, ходимларнинг ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшади.