Хизмат интизоми ва қонунбузарликлар профилактикаси — доимий эътибор марказида
Шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этиш масалаларини янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фаолиятда қонунийлик тамойилларини тўлиқ таъминлаш, шунингдек, хизмат давомида содир этилиши мумкин бўлган турли кўнгилсиз ҳолатларнинг барвақт олдини олиш мақсадида Фарғона вилояти Қўриқлаш бошқармаси ташаббуси билан навбатдаги профилактик тадбир ташкил этилди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни доирасида ўтказилган ушбу тадбирда Фарғона ва Қўқон шаҳарларида хизмат олиб бораётган ходимлар, Қўриқлаш бош бошқармаси масъул ходимлари ҳамда бошқарма раҳбарияти иштирок этди. Тадбир давомида хизмат интизоми, ички тартиб қоидалари, хизмат давомида ўзини тутиш маданияти, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш, шахсий хавфсизликни таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш каби муҳим масалалар юзасидан амалий тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Таъкидлаш жоизки, ҳар бир ходимнинг фаолияти нафақат хизмат самарадорлиги, балки унинг қонунларга риоя қилиши, шахсий масъулияти ва одоб-ахлоқ нормаларига қатъий амал қилиши билан ҳам баҳоланади. Шу боис, ушбу тадбирда масъуллар томонидан хизмат интизомига путур етказувчи хатти-ҳаракатларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш лозимлиги, хизматда ва хизматдан ташқари вақтда ҳам ўзини тиниқ ва намунавий тутиш ҳар бир ходимнинг бурчи эканлиги алоҳида қайд этилди.