Маҳалларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ижтимоий соҳа объектларнинг ишончли ҳимоясини ташкил этиш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмалари қоровулларининг касбий маҳоратини ошириш мақсадида Қўриқлаш департаменти раҳбарияти Қашқадарё вилоятида ўрганиш ишларини давом эттирмоқда
Олдин хабар берганимиздек, давлатимиз раҳбари томонидан республикамиз бўйлаб хавфсиз муҳит ва жиноятчиликдан ҳоли ҳудудларни ташкил этиш борасидаги вазифалари ижросини таъминлаш, шунингдек объектларнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмалари қоровулларининг касбий маҳоратини ошириш мақсадида Қўриқлаш департаменти раҳбарияти томонидан Қашқадарё вилоятида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, мазкур ишлар давомида маҳаллаларда ҳамда савдо марказларда навбатдаги тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилган бўлиб, йиғилган фуқаро ҳамда тадбиркор субъектлари жамоат тартибини сақлаш, ўғирлик, тартибсизлик ва келиб чиқиши мумкин бўлган кўнгилсизликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширган ишлар билан таништирилди. Масъуллар томонидан Қўриқлаш хизматлари ва афзалликлари хусусида кўргазмали материаллар тарқатилди.
Шу билан бирга вилоят ҳудудида жойлашган таълим муассасаларига ташрифлар буюрилиб, "Хавфсиз мактаб" лойиҳасига асосан мактабларнинг хавфсизлигини таъминлашда қоровуллик хизматини ташкил этиш, ўқув муассасаларига ўрнатилган "ташвиш" тугмалари ва видеокузатув тизимларини такомиллаштириш, тезкор ҳаракатланувчи гуруҳларнинг хизмат фаолиятини кучайтириш бўйича мутасадди раҳбарларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Ўрганиш ишлари давомида аниқланган барча муаммо ва камчиликларни ҳал этиш мақсадида масъуллар бириктирилиб, зарур чора-тадбирлар ва уларни амалга ошириш муддатлари белгилаб олинди.