"Кибержиноятга курашиш долзарб мавзу" мавзусида вилоят бўйлаб тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда
Бугунги кунда глобал ахборот майдонида кибермакон билан боғлиқ янгидан-янги таҳдидлар юзага келмоқда. Шу боис виртуал оламдаги ҳужумлардан ҳимояланиш масаласи дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солмоқда. Куни кеча Қашқадарё вилояти ИИБ ТҚХ Ахборот технологиялари билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Қўриқлаш бошқармаси ҳамкорлигида "Кибержиноятга курашиш долзарб мавзу" мавзусида вилоят бўйлаб тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Тадбирларда кибержиноятларга қарши курашишнинг замонавий тенденциялари, интернет тармоғи орқали содир этилаётган қонунбузарликларнинг олдини олиш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, ахборот технологияларидан фойдаланиб амалга оширилган жиноятларни криминалистик тадқиқ этиш, фош этиш ва тергов қилишнинг ўзига хос хусусиятлари, киберхавфсизликни таъминлашда давлат идоралари ва хусусий секторлар ҳамкорлигини мувофиқлаштириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек хорижий давлатларнинг кибержиноятларга қарши курашиш соҳаси бўйича малакали мутахассисларини тажриба алмашишга жалб этиш, киберхавфсизликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, келгусида ушбу турдаги жиноятларни фош этиш ва тергов қилиш бўйича алоҳида ихтисослик йўналиши ташкил этиб, малакали мутахассис кадрларни тайёрлаш юзасидан таклифлар ўртага ташланди.