Янгиликлар

30 Май 2025

Тизим ходимларининг ижтимоий аҳволини ўрганиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалий чоралар кўрилмоқда

Қўриқлаш Департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тизим ходимларининг ижтимоий аҳволини ўрганиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалий чоралар кўрилмоқда. Бу борада махсус ишчи гуруҳ ташкил этилиб, кенг қамровли ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, куни кеча Фарғона вилоятининг Бешариқ ҳамда Фурқат туманларида ўтказилган ўрганишлар давомида масъуллар томонидан ҳудудларда маҳалла вакиллари билан биргаликда ходимларнинг хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг яшаш шароитлари яқиндан ўрганилди. Ходимлар ва уларнинг оила аъзолари билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, мавжуд муаммолар аниқланди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Ушбу жараёнлар давомида маҳалла фаоллари ва жамоатчилик вакиллари билан ҳам мулоқотлар ташкил этилди. Мазкур мулоқотларда давлат ташкилотлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Бу саъй-ҳаракатлар Қўриқлаш хизматида инсон омилига бўлган эътибор, ходимларга бўлган ғамхўрлик ва уларнинг руҳий-маънавий ҳамда ижтимоий барқарорлигини таъминлаш борасидаги изчил ҳаракатларнинг амалий ифодасидир.