Хотира ва қадрлаш – муқаддас туйғу: фидокор ходимлар хотираси ёдга олинди
9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида Қўриқлаш Департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан юртимиз тинчлиги, жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўлида фидокорона хизмат қилган, аммо ўз хизмат вазифасини бажариш давомида турли сабаблар билан ногирон бўлиб қолган ва бевақт ҳаётдан кўз юмган фидойи ходимларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олинмоқда.
Жумладан, бу каби меҳр-саховат тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах ҳамда Хоразм вилоятлари Қўриқлаш бошқармаси ходимлари томонидан «Инсон қадри азиз, хотира муқаддас!» шиори остида ўтказилди.
Мазкур тадбирлар доирасида сафдошларнинг уйларига ташриф буюрилиб, руҳлари ёдга олинди ва самимий суҳбатлар ташкил этилди. Оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг муаммо ва эҳтиёжлари ўрганилди. Шу билан бирга, фарзандлари таълим олиши, турмуш шароити ва келгусидаги режаларига оид маслаҳат ва қўллаб-қувватлашлар ҳам берилди.
Бу каби ташаббуслар Қўриқлаш хизмати томонидан анъанага айланган бўлиб, фидокор ходимларнинг эзгу хотирасини ардоқлаш, уларнинг оила аъзоларини эъзозлаш – бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири сифатида баҳоланади.