"Қизил" тоифадаги маҳаллалар аҳолисининг муаммоларини бартараф қилиш борасида учрашув ва суҳбатлар ташкил этилмоқда
Фарғона вилояти Қўриқлаш бошқармаси бошлиғи полковник З.Тўйчиев томонидан Фарғона шаҳрининг Шакарқишлоқ мураккаб маҳалласида профилактика куни доирасида бир қатор учрашув ва суҳбатлар ташкил этилди.
Учрашувларда маҳалланинг ҳуқуқ-тартибот ҳолати, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама этилди. Жумладан, пробация бўлими ҳисобида турган, ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш жазосини ўтаётган, шунингдек, жиноят содир этиш хавфи юқори бўлган шахслар билан алоҳида якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. Уларда турли ҳуқуқий тушунчалар берилди, ҳаётда тўғри йўлни танлаш, қонунларга риоя қилиш, оила ва жамият олдидаги масъулиятни англаб етиш масалаларига урғу қаратилди.
Шу билан бирга, ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган шахслар ва кам таъминланган оилалар билан ҳам мулоқот ўтказилди. Учрашувлар давомида уларнинг кундалик турмушида учраётган муаммолари ва эҳтиёжлари ўрганилиб, тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилди.
Маҳалла аҳолиси билан ўтказилган самимий мулоқотларда фуқароларнинг таклиф ва ташаббуслари ҳам тингланиб, уларни амалга ошириш бўйича зарур чоралар кўриш белгиланди.