Янгиликлар

17 Сентябрь 2025

Ходимлар учун стрессга қарши соғлом психологик иммунитетни шаклантириш ва руҳий эмоционал ҳолатларнинг профилактикаси бўйича психологик тренинг ташкил этилди

Сирдарё вилояти Қўриқлаш бошқармаси ва Гулистон Давлат университети билан ҳамкорликда Янгиер шаҳарлараро қўриқлаш бўлимида хизмат олиб бораётган ходимлар иштирокида навбатдаги психологик тренинг ташкил этилди.

Унда Гулистон давлат университети доценти, психология фанлари бўйича фалсафа доктори Ш.Файзиева иштирок этди. Ходимларнинг касбий фаолиятида шахснинг жамоага, хизмат ва оддий ҳаёт тарзидан фарқ қилувчи қатъий кун тартиби ва шахслараро муносабатларга киришиш ва мослашиш алоҳида ўрин тутади. Бунда ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида хизмат фаолияти давомида ва оилавий муносабатларда ҳамда дўстлари даврасида юзага келадиган қийинчиликлар ва зиддиятларнинг моҳиятини таҳлил қилиш ва ҳал этиш, ўз олдига янги мақсадларни қўйиш ва мустақил қарорлар қабул қилишда муайян ёрдам кўрсатишдан иборат эканлигини кўришимиз мумкин.

Турли хил шароитларга мослашиш ва кўникма ҳосил қилиш, ходимларнинг хизмат фаолияти давомида касбий маҳоратини ошириш, олдинга қўйилган вазифаларни якдил, тез, осонроқ бажаришда ушбу тренинг машқларининг аҳамияти катта.