Ёш ходимлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди
Бухоро вилояти Қўриқлаш бошқармасига янги ишга қабул қилинган ёш ходимларнинг ота-оналари билан очиқ ва самимий руҳда давра суҳбати ўтказилди. Тадбирнинг асосий мақсади — ёш кадрларнинг хизмат фаолиятига оид муҳим жиҳатлар билан ота-оналарни яқиндан таништириш, уларнинг фикр-мулоҳаза ва таклифларини тинглаш, фарзандларининг танлаган йўли бўйича ота-оналарда тўлиқ ишонч уйғотишдан иборат бўлди.
Учрашув давомида иштирокчиларга Қўриқлаш тизимидаги хизмат тартиби, ёш ходимлар учун яратилган шароитлар, уларни кутаётган масъулиятлар, хизмат интизоми, ҳуқуқий ва ижтимоий кафолатлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Тадбирда сўз олган масъуллар бугунги кунда Қўриқлаш тизимида хизмат қилаётган ҳар бир ходим Ватанга садоқатли, жисмонан чиниққан, интизомли ва билимли бўлиши зарурлиги бу йўлда ота-оналарнинг кўмаги беқиёс аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Ота-оналар ўз навбатида ушбу учрашувни ташкиллаштирганлик учун миннатдорлик билдириб, фарзандларининг танлаган касби билан фахрланишларини, уларнинг хизматдаги муваффақиятлари оилавий ғурур эканини таъкидлашди.
Бундай учрашувлар ходимлар, уларнинг оила аъзолари ўртасида очиқ мулоқот, ишонч ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.