Янгиликлар

1 Май 2024

ЎҚУВЧИЛАР УЧУН ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама маънан ва жисмонан чуқур ақлий билимга эга бўлишлари учун юртимизда барча қулай имкониятлар яратиб берилган.
Ёшларимизнинг ушбу имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ҳарбий-ватанпарварлик руҳида камол топиб, касб танлашда адашмасдан, дунёвий билимларни тўлиқ ўзлаштиришларида эса, юртимиз ҳимоячиларининг ҳам ўрни беқиёс.
Шу маънода, Миллий гвардия Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда "Қўриқлаш" бошқармаси томонидан мактабларнинг 300 дан ошиқ ўқувчилари учун очиқ эшиклар куни ташкил этилди.
Тадбир давомида ёшларнинг Миллий гвардия фаолияти билан танишишлари учун ҳарбий қисм бўйлаб саёҳат ташкил этилиб, қурол-ёроғлар ҳамда ҳарбий техникалар намойиши бўлиб ўтди.
Шундан сўнг, Миллий гвардия ходимлари йиғилганларга хизмат итлари билан кўргазмали чиқишлари ҳамда камондан отиш спорти бўйича олиб борилган машғулотлар барчада катта қизиқиш уйғотди. Ёшлар учун ташкил этилган намойишлар ўқувчиларнинг қалбида келажакда ҳарбий бўлиш истагининг пайдо бўлишига хизмат қилган бўлса ажабмас.
Тадбирни ўтказишдан мақсад, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаб, ҳарбий хизматчилар учун яратилган имкониятлар, соҳадаги ютуқлар, ходимларнинг спортда ва фаолиятда эришган ютуқлари билан яқиндан таништиришдан иборат.