"Очиқ эшиклар куни" тадбири ташкил этилди
Миллий гвардия ходимлари ташаббуси билан ёшлар учун ҳудудларда турли маданий-маърифий тадбирлар ҳамда спорт мусобақалари ўтказилиб келинмоқда. Жумладан, куни кеча Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича бошқармасида оталиққа олинган ёшлар ҳамда мактаб ўқувчилари учун "Очиқ эшиклар куни" тадбири ташкил этилди.
"Очиқ эшиклар куни" тадбири Миллий гвардия вилоят бўйича бошқармаси, вилоят "Қўриқлаш" бошқармаси, Термиз ҳарбий прокуратураси ҳамда Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида уюштирилди. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни ҳарбий қисмда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан таништириш, ҳарбий билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш мақсадида уюштирилган бир кунлик саёҳат ўғил-қизларда катта таассурот қолдирди. Унда ёшларга ҳарбий хизматчилар ва ходимлар ўз жанговар маҳоратларини, ҳарбий техникасини ҳамда хизмат итларининг имкониятларини намоён қилиб, бўлинмалардаги махсус техникалар, қурол-аслаҳалар ҳамда жиҳозлар билан яқиндан таништирдилар. Бошқармада яратилган қулайликлар, спорт залда ташкил этилган спорт тўгараклари ҳақида маълумотлар берилиб, қизиқувчан ёшлар доимий тарзда келиб шуғулланишлари мумкинлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, ёшлар учун психологик тренинг машғулотлар олиб борилиб, уларга мотивация бериш ҳамда таъсирчан механизмлар орқали психологик ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилди.
Тадбир доирасида ёшлар ўртасида арқон тортиш, тош кўтариш, шахмат-шашка ҳамда камондан отиш спорт турлари бўйича мусобақалар уюштирилгани, қатнашчиларга катта қизиқиш ва кўтаринки кайфият бағишлади.
"Очиқ эшиклар куни" доирасида "Раҳбар ва Ёшлар" учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Унда вилоят "Қўриқлаш" бошқармаси бошлиғи ҳамда Термиз ҳарбий прокурори ўғил-қизлар билан мулоқот қилиб, уларнинг таклифлари, хоҳиш истакларини тингладилар. Юртимизда Қуроллик Кучлар тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилиб, зарур тавсиялар берилди.
Айтиш керакки, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни келажакда ўзи танлаган касб-ҳунар эгаси бўлишига кўмаклашиш, ватанпарварлик туйғусини, маънавий дунёқарашини юксалтириш муҳим аҳамиятга эга. Ўтказилаётган бу каби тадбир эса ўғил-қизларда ушбу юксак фазилатларни шакллантиришга хизмат қилмоқда.