Янгиликлар

14 Июль 2024

КИБЕРХАВФСИЗЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ – ДАВР ТАЛАБИ

Куни кеча “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги" доирасида Миллий гвардия Сурхондарё вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси ходимлари иштирокида кибержиноятларнинг олдини олиш бўйича навбатдаги тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилди.
Тадбирларда Миллий гвардия вилоят бўйича бошқармаси ҳамда "Қўриқлаш" бошқармаси раҳбарияти, Киберхавфсизлик гуруҳи мутахассислари, ходимлар ва ишчи-хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирок этдилар. Унда ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларимиз фирибгарлик, ўғрилик ва бошқа шу каби жиноятлар қурбонига айланиб қолаётганлиги ҳақида сўз юритилиб, ушбу жиноят қурбонига айланмаслик учун амал қилиниши лозим бўлган чоралар ҳамда бу каби ҳар хил алдовларга ишонмаслик юзасидан тушунтиришлар берилди. Бу борада фуқароларда интернет тармоғидан самарали фойдаланиш маданиятини юксалтириш, билим ва кўникмаларини ошириш муҳимлиги таъкидланди. Шахсий маълумотларни ва банк пластик карталарни бегона шахсларга бермаслик зарурлиги қайд этилди.
Айтиш керакки, виртуал оламдаги жиноятлар, хусусан, ҳисоб рақамлардаги пулларни ўмариш, пластикдан пул ечиш, ҳаволалар орқали адашиб кириб қолиш натижасида шахсга тегишли барча маълумотларни эгаллаб олиш каби ҳолатлар кўпаяётгани ҳар бир шахсдан ҳушёр бўлишни талаб этади. Тадбир давомида ходимларга кибержиноятларнинг олдини олиш ва аҳолини кибероламдаги таҳдидлардан иммунитетини ошириш мақсадида ҳудудларда тарғибот ишларини янада жадаллаштириш юзасидан кўрсатмалар берилди. Якунда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига маърузачилар томонидан тегишли жавоб ва маълумотларга эга бўлдилар.