Музейлар ҳафталиги доирасида маънавий-маърифий саёҳатлар ташкил этилмоқда
Маълумки, жорий йилнинг 2-8 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси бўйлаб "Музейлар ҳафталиги" деб эълон қилинди. Ушбу муҳим тадбир доирасида мамлакатимиз бўйлаб музейларга бўлган қизиқишни ошириш, моддий ва маънавий меросимизни кенг тарғиб этиш мақсадида турли маданий-маърифий лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан, Хоразм вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходимлари учун қадимий ва бетакрор Хива шаҳрига саёҳат ташкил этилди. Саёҳат давомида иштирокчилар Ичан-Қалъа давлат музей-қўриқхонаси, ундаги тарихий ёдгорликлар, ҳунармандчилик анъаналари ва миллий мерос билан яқиндан танишдилар. Ушбу саёҳат ходимларнинг касбий билим ва тафаккурини бойитиш, юртимизнинг тарихий қимматликларига нисбатан ҳурмат ва эҳтиром туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Бундан ташқари, шахсий таркибнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, тарихимизга оид билимини янада мустаҳкамлаш мақсадида Навоий вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходимлари учун Навоий шаҳридаги Қатағон қурбонлари хотираси музейига экскурсия ташкил этилди.
Музейда ходимлар Ватанимизнинг тарихий ўтмиши, тинчлигимиз йўлида жон фидо қилган ота-боболаримиз ҳақида батафсил тушунчаларга эга бўлишди. Мазкур тадбирлардан кўзланган асосий мақсад, ходимларимизнинг билим савияларини яна ошириш, улардаги Ватанимиз тарихига оид билимларини янада мустаҳкамлашдан иборат.