Янгиликлар

6 Ноябрь 2023

МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ ТАРАННУМ ЭТИЛДИ

Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси, вилоят "Қўриқлаш" бошқармаси ҳамда Мудофаа ишлари бошқармаси ходимлари учун маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. "Алпомишлар ўтган бу диёр!" мавзусида ўтказилган тадбирда, Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Ҳожиматов, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова иштирок этдилар.
Айтиш керакки, бугунги кунда вилоятда от спортини ривожлантиришга, ёш чавандозларни тарбиялашга, ҳарбий хизматчилар орасида воҳанинг қадимий мусиқа асбоби – дўмбира чертишга, чанқовуз чалишга бўлган кўникмасини шакллантириш, мардлик, жасорат, садоқат ва вафо каби буюк қадриятлар улуғланган “Алпомиш” сингари ноёб достонлар мутолаасини йўлга қўйишга эътибор қаратилмоқда. Мазкур тадбирда ҳам иштирокчилар сурхон миллий чолғуси бўлган дўмбира чертишиб, ўзларининг бахшичилик санъатларини намойиш этишди.
Ташриф буюрган маънавият тарғиботчилари томонидан, қорабайир зотли отларни етиштиришни оммалаштириш, миллий анъана ва бахшичилик санъатимизни асраб-авайлаш, уни ёш авлодга етказиш, тарғиботини кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Маънавий етук ходимлар – ватанимиз қалқони эканлиги эътироф этилди. Тадбир доирасида Янги Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, сурхон воҳасида от спортини ривожлантириш борасида Миллий гвардия ҳузуридаги Қорабайир отлари маҳорат мактаби ва Чавандозлар мактаби фаолияти хусусида видеоролик намойиш этилди. Учрашувда фаол иштирок этганлар эсдалик совғалари билан тақдирландилар.