МУЗЕЙЛАР – ТАРИХНИНГ ЖОНЛИ КЎЗГУСИ
Биламизки, музейлар ҳар бир халқнинг маданий мероси, миллий маданияти, турмуши, урф-одатларини ўргатиш билан ёш авлодга миллий қадриятларимизни етказишда катта рол ўйнайди. Ушбу масканлар чин маънода илмий хазина бўлиб, уларнинг қадри йилдан-йилга ошиб бораверади.
Сирдарё вилоятида Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида Гулистон давлат университети “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига саёҳат уюштирилди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу музей эл-юртимиз озодлиги, эркинлиги ва мустақиллиги учун олиб борилган кўп йиллик машаққатли курашларни ҳаққоний ва тўлақонли акс эттириш, мустабид тузум давридаги оммавий қатағонлар туфайли қурбон бўлган, инсонийлик шаъни, қадр-қиммати топталган ватандошларимизнинг хотирасини абадийлаштириш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини сингдириш мақсадида 2019 йилдан ўз фаолиятини бошлаган.
Ҳарбий хизматчи, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари музей мутахассислари томонидан қатағон қурбонлари ҳақидаги архив ҳужжатлари, фотосуратлар, ашёвий буюмлар, китоблар, видеоматериаллар билан кўплаб маълумотларга эга бўлишди.