МУЗЕЙЛАР – МАДАНИЙ-МАЪНАВИЙ МЕРОС ЎЧОҒИДИР
Музейлар — тарихнинг сирли хилқатларини ўзида мужассам этган ҳолда халқлар маданиятини, қадриятларини тараннум этувчи маскан ва давлатларни бир-бирларига яқинлаштирувчи кўприк ҳисобланади. Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш Департаменти ходимларини ўз тарихига ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда аждодлар қолдирган бой маданий меросни асраб авайлаш туйғуларини шакллантириш мақсадида музейларга саёҳатлар ташкил этилмоқда.
Жумладан, куни кеча Фарғона вилояти Қўриқлаш бошқармаси шахсий таркиби учун вилоят тарихи ва маданияти давлат музейига экскурсия уюштирилди. Ташриф давомида ходимлар музейнинг "Амалий санъат" бўлимида қадимий халқларнинг уй-рўзғор буюмлари билан танишган бўлсалар, "Этнография" бўлимидан эса кийим-кечаклар ўрин олган. Музей илмий ходимлари вилоят тарихи, бу масканларда яшаган маҳаллий халқларнинг турмуш тарзи ҳақида сўзлаб беришди.
Бу каби саёҳат Наманган вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходимлари учун ҳам уюштирилди. Таъкидлаш жоизки, Наманган вилоят тарихи ва маданияти музейи Наманганнинг ўз тарихини, маданияти ва анъаналарини чуқур ўрганиш, ёш авлодга ўтган даврларнинг бой меросини тадқиқ қилиш учун муҳим марказ ҳисобланади. Музейдаги экспонатлар вилоятнинг маданий-тарихий ҳаётини, у ерда яшаган одамларнинг турмуш тарзини, миллий қадриятларни, шунингдек, ўтган асрлардан қолган маданий ёдгорликларни ўз ичига олади.
Музейга уюштирилган бу каби саёҳатлар ходимларнинг маънавий дунёсини бойитиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, миллий анъана ва қадриятларини ўрганиш, уларни тарғиб этиш ва келгуси авлодларга етказишда муҳим аҳамият касб этади.