МУЗЕЙЛАР МАДАНИЙ-МАЪНАВИЙ МЕРОС ЎЧОҚЛАР
Музейлар — тарихнинг сирли хилқатларини ўзида мужассам этган ҳолда халқлар маданиятини, қадриятларини тараннум этувчи маскан ва давлатларни бир-бирларига яқинлаштирувчи кўприк ҳисобланади.
Хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналарини қўриқлаш бўйича алоҳида батальони ходимларини ўз тарихига ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда аждодлар қолдирган бой маданий меросни асраб авайлаш туйғуларини шакллантириш мақсадида, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига саёҳат уюштирилди. Ташриф давомида ходимлар биринчи президентимиз Ислом Каримовнинг ҳаёти ва давлатчилик фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар, шунингдек муҳим давлат тадбирлари ва дипломатик учрашувлар ўтказилган залларни кўриш имконига эга бўлди.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Минтақавий ўқув марказида таҳсил олаётган тингловчиларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, Ватанга садоқат ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш мақсадида Хўжайли туманида жойлашган Мазлумхан сулув мақбарасига саёҳат ташкил этилди. Уюштирилган саёҳат давомида тингловчилар кўп асрлик тарихи, халқимизнинг урф-одатлари, анъаналари ва маданий мерослари ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлишди. Шунингдек, музейда сақланаётган нодир экспонатлар, тарихий ҳужжатлар ва халқ амалий санъати намуналари уларда катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, Сирдарё вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходимлари учун Мирзаобод туманида жойлашган Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон уй музейига саёҳат уюштирилди. Ташриф давомида бошқарма ходимлари музей мутахассислари ҳамроҳлигида шоирнинг ҳаёт йўли, асарлари, архив ҳужжатлари, нодир фотосуратлар, шахсий буюмлар ва видеоматериаллар билан яқиндан танишдилар. Улар Тўра Сулаймон ижодига янгича нигоҳ билан қараш имкониятига эга бўлиб, чуқур таассуротлар олдилар.
Бу каби саёҳатлар ходимларнинг маънавий дунёсини бойитиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, миллий анъана ва қадриятларини ўрганиш, уларни тарғиб этиш ва келгуси авлодларга етказишда муҳим аҳамият касб этади.