"Хавфсиз кибермакон" ойлиги доирасидаги тарғибот тадбирлари давом этмоқда
Ҳудудларда "Хавфсиз кибермакон" ойлиги доирасида аҳоли ўртасида тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, Сурхондарё, Сирдарё ҳамда Хоразм вилоятлари Қўриқлаш бошқармалари ходимлари томонидан шаҳар ва туманларда ўтказилган навбатдаги тадбирларда фуқароларга интернетдан фойдаланишда шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш, онлайн тўловларда хавфсизлик қоидаларига амал қилиш ҳамда киберҳужумлардан ҳимояланиш усуллари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Шунингдек, мессенжер ва ижтимоий тармоқларда шахсий маълумотларни очиқ қолдирмаслик, смартфон ҳамда компьютер тизимларини мунтазам янгилаб бориш каби муҳим маслаҳатлар тақдим этилди. Киберфирибгарлик қурбонига айланмаслик учун махсус тайёрланган флаерлар тарқатилиб, реал ҳаётда учраётган ҳолатлар мисолида тушунтиришлар берилди.
Бу каби тадбирлар аҳолида киберхавфсизлик маданиятини шакллантириш, интернетдаги турли таҳдидлардан огоҳлантириш ва фуқароларни шахсий ҳамда молиявий маълумотларини ҳимоя қилишга ўргатишга хизмат қилмоқда.