МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ЯГОНА АРХЕОЛОГИЯ МУЗЕЙИГА САЁҲАТ УЮШТИРИЛДИ
Сурхондарё вилоятидаги мавжуд тарихий обидалар билан яқиндан танишиш ҳамда шахсий таркибнинг дам олиш кунларини мароқли ўтказишларини таъминлаш мақсадида, куни кеча Сурхондарё вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси Термиз шаҳар "Қўриқлаш" бўлими ходимлари учун Археология музейига навбатдаги саёҳат ташкил этилди.
Термиз археология музейи 2002 йил 2 апрелда Термиз шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан ташкил этилган. Ушбу музей кўҳна Сурхон воҳасининг минг йиллик тарихи қайта тикланадиган диққатга сазовор масканлардан биридир.
Термиз археология музейи фойе, 9 та асосий кўргазма зали, нумизматик кўргазма зали, япон археологи Като Кюзога бағишланган кўргазма зали, кичик кўргазма зали ва айвон остидаги галереядан иборат. Музейда нодир қўлёзмалар ва адабиётлар сақланадиган кутубхона ҳам мавжуд. Бронза (милоддан аввалги 3-2 минг йилликлар) эрамизнинг 15-асригача бўлган топилмалар, палеолит, мезолит, неолит ва энеолит даврларига оид экспонатлар, қадимги Юнон-Бақтрия маданияти, Сурхон воҳасининг охирги бронза ва илк темир даврларига оид моддий маданият намуналари кабилар жой олган.
Ходимлар мазкур кўргазма залларидаги нодир экспонатлар, ўтмишимизга оид тарихий ёдгорликлар, ўзбек тарихчилиги ҳамда қадимий асори атиқалар билан яқиндан танишиб, кўплаб маълумотларга эга бўлдилар. Музей мутахассислари томонидан қадимий топилмаларнинг тарихи ҳақида тушунчалар берилди.