Қўриқлаш хизмати ходимлари учун саёҳат уюштирилди
Самарқанд вилояти Қўриқлаш бошқармасининг ходимларининг хизматдан бўш вақтларида маданий хордиқ чиқаришлари, вақтларини мазмунли ўтказишлари учун чора-тадбирлар белгилаб олинган. Режага кўра ходимлар иштирокида турли спорт мусобақалари ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинади.
Уюштирилган навбатдаги тадбир доирасида Самарқанд шаҳар Қўриқлаш бўлими ходимлари Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилишди. Саёҳатчилар кўҳна кентнинг юраги ҳисобланмиш Регистон ансамблида бўлиб, Шердор, Мирзо Улуғбек ҳамда Тиллакори мадрасаларини томоша қилишди. Саёҳатчилар Тиллакори мадрасасидаги музейдан жой олган экспонатлар билан яқиндан танишиб, меъморий мажмуа тўғрисида ўзларини қизиқтирган маълумотларга эга бўлишди.
Албатта, тарихсиз келажак йўқ. Бу каби тадбирлар қўриқлаш хизмати ходимларининг ўтмиши шарафли, бугуни саодатли, келажаги буюк бўлган Самарқанд шаҳрининг қолаверса, юртимиз тарихини ўрганишга бўлган қизиқишини ошишида муҳим ўрин тутади.