Янгиликлар

17 Июнь 2025

Коррупция – жамият танасидаги саратон

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини шахсий таркибга етказиш, коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг оқибатларини тушунтириш мақсадида Фарғона шаҳрида мутасадди раҳбарлар ва ходимлар иштирокида ўқув семинари ўтказилди.

Мазкур тадбирда вилоят ИИБнинг тегишли соҳавий хизмат раҳбарлари ва ходимлар, шунингдек, Қўриқлаш бошқармаси шахсий таркиби ҳам фаол иштирок этишди.

Коррупциянинг салбий оқибатлари ҳамда унга қарши курашишда учраётган муаммо ва камчиликлар таҳлилига бағишланган учрашувда сўзга чиққанлар мамлакатимизда бу иллатга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар ҳақида тўхталиб ўтдилар. Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари бу иллатни “Жамият танасидаги саратон” деб таърифлагани бежиз эмас. Бу иллатга қарши курашишда давлат хизматчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳар томонлама фаол ва муросасиз бўлиши кераклиги таъкидланди.

Хизмат давомида тартиб-интизом ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахсий масъулиятни ҳис этиш ва коррупцияга қарши курашишда идоралараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш давр талаби эканлиги қайд этилди. Бу борада фикр-мулоҳазалар ўртага ташланиб, устувор вазифалар белгилаб олинди.