Янгиликлар

21 Ноябрь 2025

Хоразм вилоятида Қўриқлаш фаолияти самарадорлиги комплекс ўрганилди

Жорий йилнинг 20–21 ноябрь кунлари Қўриқлаш департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник А.Я.Эшқобулов бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи томонидан Хоразм вилоятида Қўриқлаш фаолиятини ташкил этиш йўналишлари бўйича кенг қамровли комплекс ўрганишлар амалга оширилди.

Ўрганиш доирасида вилоят ҳудудидаги савдо комплекслари, аҳоли кўп тўпланадиган жойлар, кўнгилочар масканлар, банк муассасалари, хизмат кўрсатиш объектлари, шунингдек, халқаро аэропорт қўриқловини ташкил этиш ва уларнинг дахлсизлигини таъминлашнинг амалдаги ҳолати атрофлича таҳлил қилинди. Шу билан бирга, хизматни замон талабларига мос кадрлар билан таъминлаш, ходимларнинг касбий маҳорати ва хизмат маданиятини ошириш, тарбиявий ишлар самарадорлигини кучайтириш, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари билан “раҳбар – ходим – ота-она” тамойили асосида яқин ҳамкорликда ишлаш, шахсий таркиб ўртасида соғлом хизмат муҳитини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўрганишлар олиб борилди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириқларига мувофиқ, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, “қизил” тоифага кирувчи маҳаллаларда замонавий техник қўриқлов воситалари орқали криминоген вазиятни барқарорлаштириш, тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар фаолияти самарадорлигини янада ошириш, фуқаролар хонадонлари ва объектларни техник қўриқловга олиш борасидаги амалий ишлар ҳам атрофлича ўрганилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, вилоятда қўриқлаш тизимининг жорий ҳолати, хизмат самарадорлиги, ходимларнинг фаолият натижалари ҳамда тизимнинг ишлаш механизмлари соҳалар кесимида батафсил таҳлил этилди. Якунда масъул раҳбарлар ва ходимлар билан йиғилиш ўтказилиб, хизмат фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, ривожлантириш ва самарадорликни ошириш бўйича аниқ топшириқлар ҳамда амалий йўл харитаси белгилаб берилди.

Шунингдек, хизматда юқори кўрсаткичларга эришаётган бир гуруҳ фидойи ходимлар ҳамда уларнинг ота-оналарига миннатдорлик билдирилиб, Департамент раҳбарияти томонидан эсдалик совғалари топширилди.