Янгиликлар

7 Сентябрь 2025

“Жадидлар таълим ва тараққиётга хизмат қилганидек, биз ҳам бирга учрашиб янги имкониятлар яратамиз” мавзусида маънавий-маърифий кеча ўтказилди

Сурхондарё вилоятида “Жадидлар таълим ва тараққиётга хизмат қилганидек, биз ҳам бирга учрашиб янги имкониятлар яратамиз” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Ички ишлар, Қўриқлаш бошқармалари, Прокуратура ходимлари, ҳарбий хизматчилар, фахрийлар, олий таълим муассасалари талабалари, оталиққа олинган ёшлар, шунингдек, депутатлар, профессор-ўқитувчилар, таниқли шоир ва шоиралар иштирок этди.

Маънавий кечада XX аср бошларида тараққиёт ва маърифат йўлида фидокорона хизмат қилган жадидчилик ҳаракати намояндалари – Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний, Мунаввар Қори Абдурашидхонов каби миллий уйғониш пешқадамларининг ҳаёти, фаолияти ва тарихий мероси ҳақида кенг маълумот берилди. Уларнинг илм-фан, маърифат ва истиқлол йўлидаги хизматлари, халқ огоҳлиги ва ўзлигини англаш борасидаги ўрни ёритилди.

Тадбир давомида депутатлар, профессорлар, олий таълим муассасалари ўқитувчилари, шоир ва шоиралар сўзга чиқиб, жадидлар мероси, бугунги ёшларга бераётган сабоқлари, илм-фан ва маънавиятга бўлган эҳтиёж ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар кўргазмаси ташкил этилиб, унда иштирокчилар катта қизиқиш билан қатнашишди.

Якунда эса юрт посбонлари учун китоб ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Унда ходимлар ва ёшлар учун тарих, ҳарбий иш, ватанпарварлик, маънавият ва мустақиллик ғояларини акс эттирувчи адабиётлар тақдим этилди. Тадбир иштирокчиларида тарихий хотира, миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғулари янада мустаҳкамланди.