Минтақавий ўқув марказларида таҳсил олаётган тингловчилар учун китоб ярмаркалари ҳамда кутубхоналарга ташрифлар ташкил этилди
Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент минтақавий ўқув марказларида таҳсил олаётган тингловчиларининг китобхонликка бўлган қизиқишларини ошириш, маънавий дунёларини бойитиш ҳамда оилавий китобхонлик анъаналарини мустаҳкамлаш мақсадида китоб ярмаркалари ҳамда кутубхоналарга ташрифлар ташкил этилди.
Ярмаркаларда турли ёш ва қизиқишларга мос бадиий, илмий-оммавий, болалар ҳамда тарбиявий адабиётлар кенг намойиш этилди. Ходимлар нафақат ўзлари учун, балки фарзандлари ва оила аъзолари учун ҳам турли хил мазмунли китоблар харид қилдилар.
Бундан ташқари, кутубхоналарга ташрифлар давомида соҳаларга оид энг сара китоблар тақдим этилиб, уларнинг мазмуни, фойдали жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Янги китоблар тақдимотлари ҳамда адабиёт, психология, шахсий ривожланиш бўйича китоблар атрофида очиқ суҳбат ва мунозаралар ташкил этилди. Ходимлар ўз фикрлари ва таассуротларини ўртоқлашди.
Ушбу тадбирларни ўтказишдан асосий мақсад – ходимларда китобхонлик маданиятини кучайтириш, уларни ўз устида ишлашга, билимларини ошириб боришга ундаш, жамоа ичида фикрлаш доирасини кенгайтириш, инновацион ғояларни илгари суришга замин яратиш, интеллектуал муҳитни ривожлантириш ва соғлом рақобатни кучайтиришдан иборат.