ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИ ВА ХОДИМЛАРИНИНГ ОИЛА АЪЗОЛАРИ УЧУН МУЗЕЙГА САЁҲАТ УЮШТИРИЛДИ
Куни кеча Миллий гвардия Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ва "Қўриқлаш" бошқармасининг ҳарбий хизматчи ва ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари учун Гулистон давлат университети Қатағон қурбонлари хотираси музейига саёҳат уюштирилди. Бу музей эл-юртимиз озодлиги, эркинлиги ва мустақиллиги учун олиб борилган кўп йиллик машаққатли курашларни ҳаққоний ва тўлақонли акс эттириш, мустабид тузум давридаги оммавий қатағонлар туфайли қурбон бўлган, инсонийлик шаъни, қадр-қиммати топталган ватандошларимизнинг хотирасини абадийлаштириш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини сингдириш мақсадида 2019 йил 1 февралдан ўз фаолиятини бошлаган. Ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг оила аъзолари бу ерда қатағон қурбонлари ҳақидаги ҳамда архив ҳужжатлари, фотосуратлар, ашёвий буюмлар, китоблар, видеоматериаллар билан кўплаб маълумотларга эга бўлишди.