Янгиликлар

11 Июль 2024

Андижон вилояти ёшлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича Миллий гвардия республика ишчи гуруҳи фаолияти

Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, муаммоларини ҳал этиш, уларнинг иқтидорларини қўллаб-қувватлаш, спортга жалб этиш ва улар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш юзасидан республика ёшлари вазирлик ва идораларга бириктириб берилди. Ҳозирда Андижон вилоятидаги бириктирилган ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича вилоят ва туман ҳокимликлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, Ёшлар ишлари агентлиги ва "маҳалла еттилиги" ва масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда Миллий гвардия қўмондонлиги республика ишчи гуруҳи иш олиб бораяпти.
Даставвал республика ишчи гуруҳи раҳбари Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник С.Мамаюсупов раислигида вояга етмаганлар орасида содир бўлаётган қонунбузарликлар ва уларнинг олдини олиш, келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишларни муҳокамасига бағишланган видео селектор йиғилиши ўтказилди.
Видеоселектор давомида вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида Миллий гвардия психолог-инспекторлар ва профилактика инспекторлари, "маҳалла еттилиги" ҳамкорлигини жадаллаштириш бўйича маърузалар қилинди. Ушбу йўналишдаги мавжуд муаммолар юзасидан муҳокамалар ўтказилди ва масъулларга топшириқлар берилди.
Шундан сўнг Наманган ва Андижон вилоятларида ёшларни ватанпарварлик, жамият ҳаётига дахлдорлик, қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш ва касбга йўналтириш бўйича навбатдаги “Ватаннинг содиқ ёшлари” номли ўқув йиғини ўтказилди.
Ўқув йиғини доирасида "Ёшлар ва раҳбар учрашуви" тадбири ҳам очиқ ва самимий руҳда ўтказилди.
Шунингдек, ёшлар билан ишлаш тизимини янада ривожлантириш, улар ўртасида спорт, маданий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича тадбирлар бошлаб юборилди. Шахмат-шашка, бокс, мини-футбол, стол тенниси, камондан отиш, от спорти, волейбол, баскетбол, енгил атлетика, сузиш ва концерт дастурлари ўтказилмоқда.