Янгиликлар

20 Июль 2023

КОРРУПЦИЯ – ЖАМИЯТ КУШАНДАСИ

Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради, давлатни ич-ичидан емириб боради, халқни хонавайрон этади. Давлат ва жамиятда соғлом муҳитнинг қарор топиши, барқарорлиги, тинчлиги ва тараққиёти учун хавф солади. Унга қарши темир интизом билан курашиш барча соҳаларда муҳим жиҳатлардан ҳисобланади.

Куни кеча Самарқанд вилоят “Қўриқлаш” бошқармаси шахсий таркиби иштирокида ходимлар орасида коррупцион ҳолатларни олдини олиш мақсадида учрашув ташкил этилди.

Сўз олганлар томонидан асосий эътибор коррупцияга қарши ҳар ким ҳар доим курашиши, бу иллатнинг жамиятга, тараққиётга ва хавфсизликка катта таҳдид эканини ҳар бир онгли инсон чуқур англаши лозим эканлиги таъкидланди.

Ходимларга коррупциянинг олдини олиш, унга барҳам беришда фақат давлат ва ҳукуматнинг кучи билангина эришиб бўлмаслиги тушунтирилди. Шунинг учун мазкур ижтимоий иллатга қарши бутун жамият, барча фуқаролар оёққа турмоғи, курашмоғи зарур.

Ҳар қандай жамият учун ушбу жиноятга қарши курашиш энг долзарб масалалардан биридир бўлиб қолаётганлиги ҳақида маълумотлар берилиб, коррупцион ва тамагирлик ҳолатлари қандай салбий натижаларга олиб келиши мумкинлиги видеоролик орқали намойиш этилди.