“МЕН ДОНОРМАН” ХАЙРИЯ АКЦИЯЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛМОҚДА
Самарқанд вилояти Қон қуйиш станцияси томонидан давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 9 августдаги “Республикада қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш чоралари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жойларда “Мен донорман” хайрия акциялари ташкил этилмоқда. Навбатдаги акция Самарқанд шаҳар "Қўриқлаш" бўлимида ўтказилди.
Махсус кўчма автобусда ташриф буюрган Самарқанд вилоят қон қуйиш станцияси мутахассислари йиғилганларга қон олиш жараёни қандай кечиши, қон топширадиганларга қўйиладиган талаблар ва уларнинг ҳуқуқлари, санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш тўғрисида тушунчалар бериб ўтди. Соғлом кишининг қон топшириши ўз саломатлиги учун нечоғлик фойдали эканлиги, қолаверса, топширилган қон даволаниши қийин бўлган онкогематологик ва талассемия касалликларига чалинган беморлар ҳаётини сақлаб қолишда муҳим ўрин тутиши хусусида ҳам тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, "Қўриқлаш" бўлимида хизмат вазифасини ўтаётган кўнгилли ходимлар ўз ихтиёри билан “Мен донорман” акциясида фаол иштирок этиб беғараз қон топширишди.