ВИРТУАЛ ОЛАМДАГИ ФИРИБГАРЛАРДАН ОГОҲ БЎЛИНГ
Ҳозирги глобал ахборот майдонида кибермакон билан боғлиқ янгидан-янги таҳдидлар юзага келмоқда. Шу боис виртуал оламдаги ҳужумлардан ҳимояланиш масаласи дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солмоқда.
Тошкент шаҳар “Қўриқлаш” бошқармасида ўтказилган давра суҳбати кибермаконда содир этилаётган жиноятларга қарши курашишнинг долзарб муаммоларига бағишланди.
Анжуманда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, ахборот технологиялари бўйича экспертлар, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Сўз олганлар ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва кибержиноятларга қарши курашишда юзага келаётган муаммолар, "Қўриқлаш" хизмати бўлинмаларида мазкур соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш истиқболлари ҳақида тўхталдилар.
Мутахассислар таҳлилларга кўра, дунё бўйлаб ҳар йили 500 миллиондан ортиқ киберҳужумлар уюштирилиб, ҳар сонияда 12 нафар инсондан бири кибермаконда содир этилган таҳдидлар қурбонига айланаётганини таъкидладилар.
Ўзбекистонда ҳам сўнгги уч йилда бу турдаги жиноятлар 8,3 бараварга кўпайиб, ҳозирда умумий жиноятчиликнинг қарийб 5 фоизига етган. Хусусан, ноқонуний банк-молия операциялари орқали ўзгаларнинг пластик картадаги маблағларини ўзлаштириш, зарарли вируслар тарқатиш, қимор ва таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинлар, диний ақидапарастликка қаратилган ахборот хуружлари, онлайн савдо майдонидаги фирибгарлик жиноятлари кўпайиб бораётганлиги эътироф этилиб, ходимлар бу каби фирибгарликларга дуч келмасликлари учун ҳушёр ва огоҳ бўлишлари лозимлиги қайд этилди.