Минтақавий ўқув марказлари тингловчилари учун музейларга саёҳатлар
Ҳозирги кунда ходимларимизни ватанга муҳаббат, садоқат, миллий анъаналарга ҳурмат руҳида ҳамда уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини шакллантириш орқали ҳам жисмонан ҳам маънан етук бўлган ватанпарвар ходимлар шаклланиши муҳим аҳамиятга эга.
Шу мақсадда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Фарғона минтақавий ўқув марказлари тингловчилари учун музейларга саёҳатлар ташкил этилди. Ташрифлар давомида иштирокчилар республикамизнинг бой тарихи билан танишдилар, ушбу ҳудудда яшаган қадимий цивилизациялар ва уларнинг маданий мероси ҳақида билиб олдилар. Қадимги ҳунармандчилик, санъат ва турмушнинг юксак даражада ривожланганлигини яққол кўрсатган археологик топилмаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Музейлардаги экспозициялар тингловчиларга диёримизнинг қадимги даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихий ривожланиш йўлини кузатиш имконини берди. Ноёб экспонатлар, ҳужжатлар ва фотосуратлар ташриф буюрувчилар кўз ўнгида ўлканинг қаҳрамонона ўтмиши саҳифаларини очиб берди, маҳаллий аҳолининг минтақа ривожига қўшган ҳиссасини кўрсатди. Экскурсия иштирокчиларига тарихий ашёлар билан танишиш чуқур ҳиссий таъсир кўрсатди. Аждодлар қўли билан яратилган буюмларни ўз кўзи билан кўрган тингловчилар уларнинг меҳнатсеварлиги, маҳорати ва донишмандлигини янгича баҳолай олди.
Бу эса, ўз навбатида, тингловчиларда ўзлари хизмат қилаётган ва яшаб турган ҳудуд нақадар кўҳна эканлиги ва у ердаги топилмаларни кўриш орқали аждодлари нақадар меҳнаткаш инсонлар бўлганлиги билан фахр ва ғурур туйғуси шаклланишига туртки бўлди.