Янгиликлар

19 Июль 2024

“ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ИБРАТЛИ ХОДИМЛАР ОИЛАСИ” КЎРИК-ТАНЛОВИ ЎЗ НИҲОЯСИГА ЕТДИ

Оила азал-азалдан муқаддас қўрғон саналган. Инсон оилада дунёга келади, улғайиб камол топади. Энг аввало оила мустаҳкам, тинч бўлса жамият барқарор бўлади. Униб ўсаётган фарзандлар ҳар томонлама баркамол бўлишига имкон яратилади.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси "Қўриқлаш" бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг оилавий жамоалари ўртасида “Янги Ўзбекистоннинг ибратли ходимлар оиласи” кўрик-танлови ўз ниҳоясига етди. Кўрик-танловдан кўзланган асосий мақсад – шахсий таркиб ҳамда оила аъзоларининг ижодий салоҳиятини ривожлантириш ва оилалардаги ижобий ҳаётий тажрибасини оммалаштириш, уларнинг онгида тарихимиз, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизга чуқур ҳурмат ва эҳтиромни юксалтириш, шунингдек, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишдир.
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги "Livingstone" дам олиш масканида бўлиб ўтган кўрик-танловининг якуний босқичига республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган иштирокчи оилалар ижобий фазилатлари, жамиятда тутган ўрни, оиланинг қадриятларга муносабати бўйича ўзаро тажриба алмашдилар.
Мазкур кўрик-танловда жамоалар 3 шарт, яъни таништириш, саҳна кўриниши ҳамда миллий анъаналар ва урф-одатларни кўргазмали намойиш этиш шартларида ғолиблик учун ўзаро беллашдилар.
Ушбу беллашувни баҳолаб бориш учун малака ва тажрибага эга бўлган ходимлардан иборат ҳайъат аъзолари таркиби тузилиб, ҳар бир жамоа адолатли ва холис баҳоланиб борилди.
Муросасиз ва қизиқарли ўтган кўрик-танловининг якуний натижаларига кўра фаҳрий 1 ўринни Қашқадарё вилояти жамоаси қўлга киритди. Ғолиб ва совриндор жамоалар Миллий гвардия "Қўриқлаш" бош бошқармасининг фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, “Энг аҳил ходимнинг оиласи”, “Энг қувноқ ходимнинг оиласи”, “Мухлислар меҳрини қозонган ходимнинг оиласи” ва "Миллий урф-одатлар тарғиботчиси" номинацияларида ғолибликни қўлга киритган оилалар ҳам муносиб равишда рағбатлантирилди.