ЁШЛАР – ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОРИДИР
Самарқанд ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида "Ўзбекистон – Ёшлар мамлакати" шиори остида ёшлар сайли бўлиб ўтди. Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга қаратилган ушбу фестиваль доирасида "Конституция билимдони" викторинаси, "Заковат" интеллектуал ўйинлари, мастер-класс учрашувлари, мунозара, шахмат сеанси лойиҳалари ташкил этилди. Шу билан бирга ёшларни спортнинг камондан отиш турига янада қизиқтириш ҳамда мазкур спорт билан мунтазам шуғулланиб боришларини таъминлаш мақсадида Самарқанд шаҳар "Қўриқлаш" бўлими ходимлари томонидан маҳорат дарслари олиб борилди.
"Қўриқлаш" хизматининг мутахассис ходимлари вилоятнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган ёшлар етакчилари, ҳаваскор ёшлар иштирокида камондан отиш спорт тури бўйича кичик мусобақа ҳам ташкил этишди. Кўтаринки руҳда ташкил этилган фестивалда ёшлар ўзларини қизиқтирган касблар ва ҳунармандчилик намуналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.