ЭРТАМИЗ ЭГАЛАРИ СПОРТ БИЛАН ҲАМНАФАС
Куни кеча Тошкент ҳарбий прокуратураси, Тошкент шаҳар "Қўриқлаш" бошқармаси ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт бошқармалари ҳамкорлигида камондан отиш спорт тури бўйича Миллий гвардия кубоги мусобақаси бўлиб ўтди. Пойтахтимиздаги Чилонзор туманида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Олимпия ва паралимпия марказида ташкил этилган мусобақа пойтахтлик ёшлар учун катта маҳорат мактаби вазифасини ўтади.
Жами 12 та туман маҳалла ёшлари иштирокидаги учрашув яккалик, жамоавий ҳамда микс баҳслари бўйича ташкиллаштирилди. Маҳалла ёшларини ҳар томонлама спортга қизиқтириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва ёшлар орасидан иқтидорлиларини аниқлаш, саралаш ва танлаб олиш ҳамда уларни профессионал спортчилар қилиб етиштиришни мақсад қилган ушбу мусобақа қизғин баҳсларга бой ўтди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, мазкур мусобақада маҳалла ёшлари катта қизиқиш билан ўз маҳоратларини намоён этишди.
Энг кўп нишонга олган ва юқори натижани кўрсатган ёшлар номи мусобақа якунида эълон қилинди. Унга кўра, учинчи ўринни Бектемир туман ёшлари, иккинчи ўринни Мирзо Улуғбек туман ёшлари ва ниҳоят фахрли биринчи ўринни Чилонзор тумани маҳалла ёшлари қўлга киритишди. Ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.