ЁШЛАР – УЧИНЧИ РЕНЕССАНС АСОСЧИЛАРИ
Куни кеча Жиззах шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида Жиззах вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси ва Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши масъуллари билан ҳамкорликда "Ўзбекистон Ёшлар мамлакати" ва "Миллий армиямиз чинакам мардлик, фидойилик ва ватанпарварлик мактаби" шиорлари остида бўлиб ўтган тадбирларда йигит-қизлар ўз истеъдодларини намоён этдилар.
Тадбир давомида Жиззах гарнизони ҳарбий оркестр жамоаси ва маданият бўлими хонандаларининг ватанни мадҳ этувчи қўшиқ ва куйлари ёшларга ўзгача завқ бағишлади.
“Зукко билимдон” ва “Моҳир созанда” танловларида ўқувчилар ўзларининг иқтидорларини намойиш қилдилар. Ўтказилган тадбир якунида, кун сайин ривожланиб бораётган камондан отиш спорт тури бўйича мусобақа ташкиллаштирилиб ғолиблар муносиб тақдирландилар.