Янгиликлар

15 Сентябрь 2023

Ёшлар ўртасида спортнинг қўл жанги тури бўйича мусобақа ўтказилди

Куни кеча Тошкент вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси ташаббуси билан вилоятда илк маротаба ёшлар ўртасида спортнинг "Усмонов комбат системс" тури бўйича мусобақа ташкил этилди.

Тошкент вилоятининг Тошкент туманида жойлашган Универсал спорт мажмуасида “Усмонов комбат системс” федерацияси ҳамда вилоят Ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган ёш спортчилар ўз маҳоратини кўрсатишди.

Қизғин ва муросасиз беллашувларда ҳар бир ёш спортчининг иштироки ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳоланиб борилди. Ўзаро куч синашиш натижасида сараланиб, мусобақанинг финал босқичигача етиб келган энг кучли ёшлар кескин баҳс мунозараларга бой шиддатли жанг олиб бордилар.

Қизиқарли баҳслар якунида ғолиб ва совриндорлар номи аниқланиб, уларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Мазкур мусобақанинг асосий мақсади – ёшларнинг спортга қизиқишини ошириш, уларни жисмоний тарбия ва спорт машғулотларига доимий жалб қилиш ва улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, шунингдек, келгусида халқаро турнирларда ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган маҳоратли спортчилар қаторидан ўрин олишдан иборат.